
Бухорода 2 гектар ерни 170 минг долларга сотаётганлар ушланди
долларга сотаётганлар ушланди Вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 2 гектар ер майдонини 170 минг долларга пулламоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди. Қайд этилишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 1960 йилда туғилган шахс ўзининг таниши билан тил бириктирган ва бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, унга Когон туманининг Янгиҳаёт маҳалласи ҳудудида жойлашган 0,50 гектар муқаддам гипс ишлаб чиқариш учун қурилган бино ва унинг атрофидаги туман захирасида бўлган 1,5 гектар ерни келгусида унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 170 минг доллар беришни талаб қилган. Жорий йилнинг 3 март куни Бухоро вилояти ИИБ тезкор қидирув хизмати коррупсия ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахс талаб қилган пуллардан 20 минг долларни олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.