Buxoro

Яшил макон" лойиҳаси доирасида экилган дарахтларга лоқайдлик сабабли ижтимоий соҳа объектлари масъуллари 52,5 миллион сўм жаримага тортилди

Бухоро вилоят экология бошқармаси томонидан ҳудудларда амалга оширилган назорат-рейд тадбирлари давомида ижтимоий соҳа объектларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт кўчатларига нисбатан етарли парвариш ишлари олиб борилмагани аниқланиб, қатор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Хусусан, Қоровулбозор, Олот, Шофиркон, Пешку туманлари ҳамда Когон шаҳри ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт бирлашмалари ва Ободонлаштириш бўлимларида экилган кўчатлар ҳолати ўрганилди. Ўрганиш натижасига кўра, кузги ва баҳорги экклиш мавсумларида ўтқазилган дарахт кўчатлари етарлича парвариш қилинмагани, уларни суғориш ишлари ўз вақтида амалга оширилмагани аниқланди. Натижада, жами 14 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 4-қисми асосида жами 52,5 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди. Мазкур тадбирлар экологик муҳитни яхшилаш ҳамда ижтимоий соҳа объектлари ҳудудларида яшил ҳудудларни барпо этишда масъулларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган.

#Экология