
Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими 88 ёшида вафот этди
Бугун Бухоро вилояти жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Атоқли давлат ва жамоат арбоби, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Дамир Салихович Ядгаров узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида оламдан ўтди. Дамир Ядгаров 1937 йил 18 февралда Шофиркон туманида таваллуд топган. 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини муваффақиятли тамомлаб, ўзининг бой билим ва тажрибасини Ватанимиз равнақи йўлида сарфлади. У ўз меҳнат фаолиятини институт ёшлар қўмитаси котиблигидан бошлаб, кейинчалик қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида муҳим лавозимларда хизмат қилди. 1992-1994 йилларда Бухоро вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб, мураккаб ўтиш даврида ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва бозор иқтисодиётига асосланган ислоҳотларни амалга оширишда улкан хизматлар кўрсатди. Шунингдек, Ўзбекистон паxтачилик илмий-тадқиқот институти Бухоро филиали директори сифатида паxтанинг Зарафшон воҳасига мос 10 га яқин самарадор навларини яратишда муҳим роль ўйнади. Дамир Ёдгоров 1991 йилда биринчи президент Ислом Каримов билан муборак ҳаж амалларини адо этган эди Дамир Салихович қаттиққўл раҳбар ва меҳрибон устоз сифатида кўплаб шогирдлар тарбиялади, ўзининг маънавий фазилатлари, Ватанга бепоён муҳаббати ва садоқати билан халқимиз қалбидан чуқур жой олди. Унинг Бухоро ва бухороликлар учун қилган хизматлари доимо миннатдорлик билан ёдга олинади.