O'zbekiston

ЖАРРОҲЛИК УНИНГ ТАҚДИРИ ЭДИ

Оқшомдаги суҳбат Юрт тиббиёти ривожида Бухородан чиққан кадрларнинг ҳам ҳиссаси бор. Шундан бўлса керак, шифокорлар ва тиббий муассасалар довруғини эшитиб, беморлар нафақат вилоятлар, қўшни мамлакатлардан келишаётгани бор гап. Қасамёди нафақат тилида, балки қалбида янграган оқ халат эгалари беморнинг мансублигига эмас, хасталикка қизиқадилар. Касаллик билан баъзан тенг ва баъзан нотенг курашларда ҳамиша ғалаба қозониш иштиёқи билан ёнадилар. Бухорода шифокор Ҳабибулла Абдуллаев исмини жарроҳлик илмининг дарғалари – Надежда Борисова ҳамда Любовь Рибакова билан бир қаторга қўядилар.  Бугун айрим кишилар арзимаган нарсалардан нолиб, “мен каби ҳеч ким қийналмаган”, дейдилар. Қаҳрамонимиз умри давомида ҳаётнинг аччиқ меваларини тотиб, унинг оғир синовларига дош бериб яшади. Буларни оиласи билди, аммо ўзга билмади. Чунки у дардини бировга дастурхон қилиб юришни, ҳаётдан нолишни ёмон кўрарди.  Унинг болалиги Ғиждувон туманидаги Зарангари қишлоғида кечган. Отасидан эрта айрилди. Онаси 7 фарзандни ўстираман деб ўғил-қизларига ҳам ота, ҳам оналик қилди. Қўли ишга борадиган бўлиб қолган ёш Ҳабибулла онасининг қанотига кирди. Мактабдан келиши билан далага ошиқар, яқинларига кўмаклашарди. У замонлар дала юмуши бугунгидек енгил эмасди. Айниқса, ўғил болалар бир ишни бажариб бўлиб, бошқасига ўтар, бригадиру табелчидан рухсат тегмагунича, ҳеч бири уйига кета олмас эди. “Чарчаган бўлсанг, дамни уйингда оласан”, дейишарди-ю, уйдаги дам ҳеч кимга татимасди. Азбаройи оғир иш қилганидан елкасининг яғири чиққан, чарчоқнинг зўридан тонгда уйғонишга қийналган кезлари кўп бўларди.  Бир кун супа устида тўлин ойга термилганча хаёл суриб ётган акаси сўради: – Мактабни битиргач, ким бўлмоқчисан? – Қайдам, – лабини тишлаб ўйга толди ука. – Ҳали бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Ўтган йили соғин сигиримиз касалланганида, ундан ажраб қоламиз деб онам қаттиқ қўрққанлари эсимда. Қўшни қишлоқдан мол дўхтири келиб, сигиримизни даволаган эди. Ўшандан бери ўйлайман, ветеринар бўлсаммикан деб.  – Бе, қўйсанг-чи! Ветеринар бўламан, дейсан. Бўлмайди. Ҳозир мол дўхтир кўп, одам дўхтири кам. Сен одам дўхтири бўлишинг керак, ука! Ўша оқшомдаги суҳбат Ҳабибулла учун унутилмас бўлди. Акасининг гаплари уни қизиқтириб қўйганди. Унга дўхтир бўлиш осонмас, қаттиқ ўқиш керак, дейишди. У жонини жабборга бериб ўқиди. Ҳамма ширин уйқуда, ҳовлида чигиртка чириллаб, узун тун сукунатини бузиб турган паллада ҳам у чоғроққина хонага кириб олиб, лампа ёруғида китоб ўқирди, ўқишга тайёрланарди.  Дадил қадам Йўлхалтасини елкасига осиб, марказга олиб борадиган қишлоқдаги автобус бекатига қараб йўл солди. Ҳаво иссиқ, аммо енгил эсаётган шамол ариқ ёқасидаги қатор теракларни чайқаб, ўйнайди. Дала томондан ҳавога чанг-тўзон кўтариб келаётган "Виллис" кўринди. Уловни ўтказиб юбориш учун йўлнинг четига чиқди. Машина болага яқин келиб тўхтади. —Йўл бўлсин, Нарзулланинг ўғли? Пўрим кийиниб қаерга отландинг? — боланинг саломига алик олгач, қовоғини уйиб савол берди раис.  — Самарқандга, ўқишга... Дўхтир бўлмоқчиман, — лўнда жавоб қайтарди ўсмир ҳам.  Ўша кезлар сиёсат қаттиқ эди. Одамлар раисдан Худодан қўрққандек қўрқар, унинг сўзини ҳеч ким икки қилолмасди. Раис эса одамларни эрта-ю кеч далада ишлатишни, нима қилиб бўлса ҳам колхозга қўйилган режани ортиғи билан адо этишни ўйларди. Кимдир шамоллаб ёки қон босими ошиб кўриниш бермаса, раис ўшанинг уйига борар, “умрингни қамоқда чиритаман” деб дағдаға қилар ва уриб-сўкиб далага ҳайдарди.  — Ёшларимизнинг кейинги пайтда меҳнатга бўйни ёр бермайдиган бўлиб бораяпти, — ҳайдовчисига қараб бош ирғади гавдаси ғўладек келадиган раҳбар. — Бири дўхтир, бошқаси муаллим бўламан, деб шаҳарга қочади. Бунақада колхозда ким қолади? Пахтани ким теради? Режани ким бажаради? Ундан кўра зоотехникликка ўқи, агрономликка ҳужжат топшир. Механизатор бўл. Колхоз мана шундай кадрларга муҳтож. Бу киши шифокор бўлармишлар. Ҳайдовчи хўжайинининг гапларини маъқуллаб, тиржайди. Ҳабибулла индамади. Унга ёшлигидан катталарга гап қайтармаслик, маҳмаданалик қилмаслик ўргатилган. Йўқса-ку, дилидаги бор гапларини тўкиб солган, шифокорлик улуғ касб эканлигини исботлашга астойдил уринган бўлар эди. — Значит так, — раис бошидан латта фуражкасини олиб, дастрўмоли билан гардани ва пешонасини артаркан, йигитга ўткир нигоҳини қадади. — Колхозчи хотинлар Хайрулло "прав"нинг ҳовлисидан маҳаллий ўғит чиқариб, тўкишяпти. Сал ўтиб тележка келади. Ўқиш-пўқишингни билмайман. Маҳаллий ўғитни тележкага ортиб берасан. Ана ундан кейин, тўрт томонинг қибла! Ўсмир ортига қайтди. Қанча вақт ўтди, билмайди. Ёлғиз ўзи бироз аввал оғилхонадан чиқарилган бир уюм зил-замбил маҳаллий ўғитни тележкага юклади. Толлар этагидан оқиб ўтадиган ариқда чўмилиб олди. Яқинлари “энди поездга улгурмайсан”, дейишса ҳам Аллоҳга таваккал қилиб йўлга чиқди. Айтишади-ку: “Ниманидир астойдил истаб, ихлос билан ҳаракат қилсанг, Яратган мақсадингга эриштиради” деб. Нимадир сабаб бўлиб қатнов бир неча соатга кечиктирилибди. Поезд эса юраги олам-олам орзулар билан тўлган қишлоқ боласини олиб, Самарқандга равона бўлди. Имтиҳонни муваффақиятли топширди. Самарқанд тиббиёт институтининг даволаш факультети талабасига айланди. Ҳар бир талаба назарий билимларни олар экан, амалий машғулотларни интиқлик билан кутади. Ҳали таҳсилнинг учинчи босқичдалигидаёқ Ҳабибулла жарроҳлик йўналишига қизиқиб қолди (Ваҳоланки, аксарият ҳолларда ёшлар клиник ординатурадаги таҳсилдан сўнггина қайси йўналишни танлаш бўйича бир қарорга келардилар). Касалхоналарга тезроқ боргиси, устозлари ёнида туриб, жараёнларни тезроқ кўргиси келарди. Истагини домлаларидан бирига айтган эди, у дарҳол рози бўлди. Ёнига ўзи каби иштиёқманд уч-тўрт талабани олиб, дарсдан сўнг шаҳар касалхонасига борадиган бўлди.  Клиникага илк қадам қўйган талаба музейга кириб қолган одамга ўхшарди. Унинг ҳар нарсага ҳайрат билан қараши, шифокорларни саволга тутиши, очиғи, ҳаммага ҳам ёқавермасди. Уларга ёвқараш қилган ёки нимадир сўраса, атайлаб жавоб бермаганлари ҳам бўлган. Бироқ, яхши устозлар этагидан ушлаган бу ёшлар кам бўлишмади. Рауф Омиров, Юрий Свидлер сингари домлалар ҳам талабчанлигини қўймас, касалхонадаги жараёнларни пухта ўрганган ва “касаллик тарихи”ни мукаммал юрита олган талабаларгагина операцияни кузатишга изн беришарди.  Таҳсилни 1967 йилда тугатди. Илк иш фаолиятни вилоят онкология диспансери (ҳозирги РИО ва РИАТМ Бухоро филиали)да бошлади.  Юрагини куйдирган қиз Қишлоқдан ўқишга ёки ишга келган ёшлар шаҳар ҳаётини кўргач, сочлари қирқилган, калта-култа, очиқ-сочиқ кийинган шўх-шаддод қизларга маҳлиё бўлиб қолишарди. Йўқ, илм изидан қувган, ўз ҳаёт йўлини жарроҳлик соҳасида кўрган йигитни бу паривашлар ром эта олмади. Ҳолбуки, арчилган тухумдек оқ юзли — Юсуф чеҳрали бу йигитга зимдан кўз қирини ташлайдиган, унинг эътиборига маҳтал санамлар кам эмасди. У ўз табиати сингари оддийлик шайдоси эди. Қиз бўлсаки содда, иболи ва яна онамдек оқкўнгил бўлса, деб орзу қиларди. Тақдир кўнглидагидек қизни унга асраб қўйган эди. Иш билан шаҳар касалхонасига борганди. Ўша куни шанба бўлгани учунми, муассасада ҳашар ўтказилаётган экан. Бўлимлардан ҳамширалар чиқиб, касалхона ободончилигига киришган. Шулар орасида бир қиз лолазор ичидаги атиргул мисол чўғдек ажралиб турарди. Бўй-басти ихчам, думалоқ юзли гўзалнинг кийиниши одми, тим қора сочлари бир банд қилиб ўрилган. Ўзгалар атрофга қараган, бир-бири билан гаплашган, фақатгина у ўз юмуши билан овора. Ишлаётган палла ўрим сочи олдига тушар, қиз қошларини чимириб тўхтар ва сочини елкасига ташлаб, тағин ишини давом эттирарди. Шу манзара Ҳабибулланинг эътиборини тортди. У узоқ вақт ҳамширанинг ҳаракатларини жилмайиб, мароқ билан кузатиб турди. Юраги шу сулувга "жиз" этганини ҳис этди.  Шу воқеа сабаб бўлди-ю, ёш шифокор қизга қизиқиб қолди. Кўришиб, бир-икки суҳбатлашди. Исми Замира экан. Ҳамширани яқиндан билгани сари унга боғланиб бораверди. Мудом ерга қадалган ҳуркак кўзлар, ҳазил-мутойиба пайтида ҳам иболи қизларга хос вазминлик, овоздаги сокинлик... буларнинг ҳаммаси йигитчани "эритиб" юборганди. Қизга ҳам йигит маъқул бўлди. Уларнинг тақдири шу зайл боғланди. Замира Абдуллаева узоқ йиллар Бухоро шаҳар касалхонасида ишлаб, нафақага чиққан. Умр бўйи турмуш ўртоғини қўллаб, оғир дамларида унга далда бўлиб яшади. Қийинчиликлардан нолимади, рўзғорнинг каму кўстига қаноат қилди. Ҳаёт синовлару машаққатлар билан мазмунли эканлигига, кун келиб бу риёзиётларнинг меваси тотли бўлишига ишониб яшади.   Тўрт фарзанд ва ўндан ортиқ невара кўришди. Ўғил-қизлари орасида Саодат опагина ота касбини танлаган. У кўкрак бези ўсмаси бўйича малакали мутахассис – олий тоифали жарроҳ. Ҳозирда отаси ишлаган муассаса – РИО ва РИАТМ Бухоро филиалида фаолият олиб бормоқда. Илк устози – отасидан ўрганганлари бугун фаолиятида асқотмоқда. Раъно опа банк ходимаси. Икки ўғил – Шуҳрат ва Шавкат қўшма корхонада ишлаб, тирикчилик қилишади. Отадаги фазилат – солиҳлик фарзандларга ҳам кўчган. Бугун неваралар катталар сингари ҳаётда ўз йўлларини топиш учун ўқиб-ўрганмоқдалар.  Устоз ҳиммати Тиришқоқлик то ҳаёт экан эгасига ҳаловат бермайди. Талабалик кезларидаги тиниб-тинчимаслик – бир жойда ўтирмай, янги билимларни ва довонларни эгаллашга бўлган иштиёқ умр бўйи шифокорни безовта қилиб келган. Йўқса, таҳсилдан сўнг вилоят онкология диспансерида жарроҳ сифатида иш бошлаган, бир йил ўтар-ўтмас жарроҳлик бўлимига раҳбар этиб тайинланган Ҳабибулла Абдуллаев шу ютуқларидан қониқиш ҳосил қилиб, эл қатори ишлаб юраверган бўлар эди. У мудом вақт билан ҳисоблашган, бугунги ишни эртага қолдирмаган. Бу принцип уни бир умр тарк этмади.  Илмга чанқоқлик уни Республика онкология ва рентген радиологияси (ҳозирги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази)га етаклади. Марказнинг клиник ординатурасида стажёр-тадқиқотчи сифатида икки йил билимини бойитгач, яна қадрдон жамоасига қайтди. Устозлар унга Москвага боришни, илмий фаолиятини ривожлантиришни маслаҳат беришди. П.А.Герцен номидаги Россия онкология институтига борди. Институт қошидаги илмий лабораторияга изланувчи ходим сифатида қабул қилинди. Шундай қилиб Ҳ.Абдуллаев (тўрт йил давомида) ҳар йили ёзда таътил олар ва Москвага бориб, тадқиқот ҳамда кузатув ишлари билан шуғулланиб қайтарди.  Нуфузли даргоҳда институт директорининг илмий ишлар бўйича проректори, профессор Вера Владимировна Городилова эътиборига тушди. Бу тақдирнинг яна бир инояти эди, десак муболаға бўлмас.  Городилова Россия тиббиёти ривожига улкан ҳисса қўшган арбоб эди. Бу аёл Фин уруши ва Иккинчи жаҳон қирғини гувоҳи бўлган. Ўқлар ёмғири остида ярадорларни олиб чиққан, оғир аскарларни даволаган. Дастлаб ҳамшира, кейинчалик эса шифокор сифатида жасорат намуналарини кўрсатган, кўкси орден-медалларга тўлган. У йигирмадан ортиқ фан докторларини, ўттиздан зиёд фан номзодларини тарбиялаган. Фаолияти давомида 200 дан ортиқ илмий иш қилган, умрининг охирига қадар ўзини тиббиётга бағишлаган. Илмий лабораторияга 25 йил раҳбарлик қилди. Рус олимаси ўзбек йигитидаги илмга ўчликни, табиатидаги самимийликни қадрларди. Унга нафақат устоз, балки оналарча меҳр қўйди. Изланишларида, тадқиқотларида ёрдам берди. Москвага борганида, албатта, Городилованикида меҳмон бўларди. Онахон унинг аёлини ўз келини, фарзандларини ўз неваралари янглиғ ардоқларди.  -Фарзандларинг бунча ширин, қуйиб-қуйгандек худди ўзингга ўхшашади-я! – дерди аёл гўдаклар атрофида гирдикапалак бўлиб. Болалар ҳам мазали таомлари билан сийлаб, ширинликлар улашадиган бу кекса аёлни ўз бувиларидек яхши кўриб қолишганди.  Ҳамма замонларда ҳам ўзгалар ютуғидан жизғанак бўлгувчи ҳасадгўйлар бўлган. Зеро, кўҳна табиат тартиби бу. Ҳ.Абдуллаев 1981 йилда илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Лекин шунга қадар унинг йиллар давомидаги меҳнатини, изланишларини йўққа чиқаришга уринган кимсалар ҳам бўлди. Устоз Вера Городилова унга суянч бўлди, олдинга интилишига, муваффақият қозонишига туртки берди. Иродаси метиндек мустаҳкам қаҳрамонимиз барча тўсиқларни мардонавор енгиб ўтди.  Фидойилик унутилмайди Ўтган асрнинг 90-йиллари эрта кузида Бухоро шаҳрида тиббиёт институти очилди. Бу тарихий воқеа эди. Зеро, шу пайтга қадар толиби илмлар бу йўналишда ўқиш учун Россия, Украина каби олис ўлкаларга ёки юртимиздаги саноқли тиббиёт институтларига боришга мажбур бўлардилар. Ўша йиллар ёшларни ўқитишда малакали кадрлар танқис эди. Ҳабибулла Абдуллаев институтга ишга таклиф этилди. Вилоят онкология диспансери жарроҳлик бўлими мудири бўлиб ишлаб келаётган тажрибали жарроҳ салкам йигирма йил тиббиёт институтининг “Онкология ва нур ташхиси” кафедрасига мудирлик қилди.  Касбини муҳаббат билан танлаган, ҳар бир амалиётни масъулият билан бажарган бу инсон ҳамиша ҳамкасбларига ўрнак бўлган. У жарроҳ портлагич қаршисида турган сапёрдек хато қилмаслиги кераклигини яхши биларди. Зеро, шифокор мураккаб танлов ўртасида қолган кезлар кўп бўлади. Ҳар бир жоннинг яшаб қолиши учун дақиқаларни соатларга улаган, қора терга ботган, аммо ишини ҳафсала билан бажарган, жонини жабборга берган кезлар кўп бўлган. Чироқлар ўчиб, тиббий ускуналар ишламай қолган паллада ҳам ўзини йўқотмаган, энг ноқулай шароитларда ўз ишини маромига етказган мутахассис эди у. Чунки жарроҳлик столида ётган ҳар бир тақдир учун у аввало ўз виждони, қолаверса Яратган олдида масъулиятли эканлигини ҳамиша ёдида тутган. Шифокордан шифо топганларнинг сон-саноғи йўқ. Илло қайсидир даргоҳлардан умидсиз қайтган беморлар, кези келганда, ундан нажот топишган эди.  Бир даврада нотаниш киши шифокорнинг ўғли Шуҳратни таниб қолиб, Ҳабибулла жарроҳ ҳақида илиқ сўзларни гапирганди. Унга отаси қўлидан шифо топганини, миннатдорчилик рамзи сифатида пул берса олмаганини, кейинги гал совға-салом билан борса, ўшанда ҳам тортиқларни рад этганини, бунинг ўрнига беморини уйига олиб кириб меҳмон қилганини айтаркан, “Сизнинг падарингиздай зотлар дунёга бир келади, бошқа келмайди”, деганди. Бугун Ҳабибулла Абдуллаев орамизда йўқ. Ундан улкан боғ – эзгу амаллар, шогирдлар ва солиҳ фарзандлар қолди. У ҳаётини инсонлар дардига шифо топишга, уларга умид ва ҳаёт бахш этишга бағишлади. Вақт ўтиб, номлар унутилиши мумкин, аммо инсонийлик, меҳнат ва садоқат билан ўтган умр ҳеч қачон унут бўлмайди.

#Ибрат