Jamiyat

Қийин аҳволда қолган қарздорлар учун кредит тўловларига енгилликлар жорий этилади

Марказий банк қарорига мувофиқ, молиявий қийинчиликка дуч келган, мураккаб ҳаётий вазиятда қолган ёки форс-мажор ҳолатлар туфайли кредит мажбуриятларини бажара олмаётган истеъмолчиларга банклар томонидан енгилликлар берилиши шарт. Эндиликда ҳар бир банк ўз расмий веб-сайтида кредитларни қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ тартиб ва шартларни жойлаштириши лозим. Хусусан, кредит тўловини кечиктириш, муддатни узайтириш ва фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш каби реструктуризация турлари, ариза қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёни, талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати ҳамда қарор қабул қилиш муддати ва мижозни хабардор этиш тартиби очиқ кўрсатилиши керак. Шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган аёллар учун кредит тўловларини 10 ойгача узайтириш имконияти ҳам мажбурий тарзда белгиланади. Мазкур қарор орқали қийин аҳволда қолган фуқаролар учун кредит юкини камайтириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ ҳуқуқий механизм яратилгани таъкидланмоқда.

#Қонундаги ўзгаришлар