IIB

Бухорода 23 ёшли аёл моддий ёрдам чиқариб беришини айтиб, фуқарони қарийб 16 млн сўмга чув туширди

Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.  Қайд этилишича, Жондор туманида яшовчи 35 ёшли аёл О.С. ИИОга мурожаат қилиб, номига номаълум сабабларга кўра 15 млн 970 минг сўм онлайн кредит расмийлаштирилганлигини маълум қилган. Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Жондор туманида яшовчи 23 ёшли аёл Р.М. содир этганлиги аниқланган. "Гумонланувчи ўзини "Мақсуда" деб таништириб, маҳаллада ишлашини ҳамда бир марталик моддий ёрдам пули олишда ёрдамлашишини айтган. "Мақсуда" О.С.нинг банк мобиль иловаси орқали 15 млн 970 минг сўм миқдорда онлайн кредит расмийлаштирган ва ўша вақтнинг ўзида пулларни банк картасига ўтказиб, ўзлаштирганлиги маълум бўлди", дейилади хабарда. Мазкур ҳолат юзасидан Р.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда. Ушбу моддада кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

#Бухоро