“Bukhara best” Электрон ОАВ сида чоп этилган “Бухорода кўчада қолиб кетаётган мингдан зиёд талабалар” рукнидаги хабар бўйича расмий муносабат.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарорига асосан Туркистон янги инновациялар университети МЧЖга нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун 2023 йил 19 январда 059123-рақамли лицензия берилган. “TURKISTON YANGI INNOVATSIYALAR UNIVERSITETI” нодавлат олий таълим муассасаси фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йил 22 майда ўрганиш бўйича далолатнома тузилиб, 4 та камчилик аниқланган. Мазкур камчиликлар, жумладан, қисқа муддатда бартараф этилганлигига қарамасдан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан университетга нисбатан нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун 2023 йил 19 январда 059123-рақамли лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга даъво ариза киритилган бўлиб, ҳозирда суд жараёнлари давом этмоқда. Гарчи вазирлик ва университет ўртасида суд жараёнлари давом этаётган бўлса-да, бу ҳолат ўқув жараёнларига мутлақо таъсир кўрсатмаган ҳолда яъни университетда таълим жараёнлари давом этаётганлиги, университет профессор-ўқитувчилари томонидан меҳнат мажбуриятлари лозим даражада бажарилаётганлиги, шунингдек, университет талабалари(бакалавриат ва магистратура босқичи)нинг ўқув жараёнларини ўзлаштириш кўрсаткичлари HEMIS тизимида баҳоланиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 200-сон Қарорига асосан лицензияси бекор қилинган таълим ташкилоти ёки ёпилган таълим дастурида ўқиётган талабаларга ўқишни давлат ва нодавлат тааълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига кўчириш ҳуқуқи берилади. Шунга асосан башарти университет фаолияти тугатилган тақдирда университет талабаси жайдари қилиб айтганда “кўчада қолмайди”, барча талабалар вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳи қарори билан давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига кўчирилади.“TURKISTON YANGI INNOVATSIYALAR UNIVERSITETI” нодавлат олий таълим муассасаси тўғрисида ҳақиқатга асосланмаган, нотўғри берилган хабардаги “ректор ва декан талабаларнинг тўловлари ва уларнинг ўқишини давомийлиги билан қизиқмайди” қабилида берилган матн бўйича университет раҳбарияти талабалар билан ҳамиша очиқ мулоқотга тайёр эканлиги, университет талабасининг тақдирига бефарқ эмаслигини қайд этган ҳолда, ўз мажбуриятини англаб етган, мақсади таълим олиш бўлган талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари ҳамиша ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича узлуксиз тарзда университет раҳбариятига оғзаки ва ёзма мурожаат қилиб келаётганликларини, университет раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари университетда одатдаги иш фаолиятини давом эттираётганлиги маълум қилади. Келгусида университет талабалари ва уларнинг ота-оналари университет билан боғлиқ бўлган мурожаатлар бўйича университет раҳбариятига мурожаат қилишлари, турли ғараз ва паст мақсадлардаги кишиларнинг ҳақиқатга асосланмаган хабарларига ишонмасликларини сўраймиз! TURKISTON YANGI INNOVATSIYALAR UNIVERSITETI матбуот хизмати