Бухоролик 18 ёшли йигит Notcoin орқали пул ўмарди
У пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Notcoin орқали ноқонуний тарзда пул ўзлаштирган йигит қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди. Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 21 ёшли Ҳ.Ж. ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 1.400.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилоятида яшовчи 18 ёшли Ф.Э. содир этганлиги аниқланган. Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган, Ф.Э., Telegram орқали Ҳ.Ж. билан гаплашиб, унга Notcoin сотиб олишини айтган ва уни қизиқтириб, тўловни олдиндан амалга оширишни талаб қилган. У 1.400.000 пулларини ўзининг банк картасига ўтказиб олгандан сўнг ёзишмаларни ўчириб юборган ва пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Э.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми ”г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.