Рақобат қўмитаси Корзинка супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Anglesy Food МЧЖ (Корзинка номли супермаркетлар тармоғи)га нисбатан иш қўзғатди. Қайд этилишича, Корзинка супермаркетлар тармоғи томонидан турли хил усулларда тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх — Корзинкада”, “...Энг унумлисига келинг!” деган рекламасида фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган сўз жумлаларидан фойдаланилгани кузатилмоқда. Мазкур реклама ахборотида қайд этилган маълумотларни ўрганиш натижасида, акция доирасида кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган маълум бир миқдордаги маҳсулотлардан иборат бўлган каталог жорий қилингани маълум бўлган. Шунингдек, ушбу каталогга киритилган маҳсулотларнинг нархлари турли супермаркетлар тармоғи ҳамда деҳқон бозорлардаги худди шундай маҳсулотларнинг нархлари бўйича ўтказилган мониторинглар натижасига кўра солиштирилгани ҳамда таққослаш учун ҳар бир товарнинг алоҳида эмас, балки саватнинг (каталогнинг) умумий нархи олингани қўмита томонидан аниқланган. Хусусан, “энг арзон нарх” деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлари бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги кузатилган. “Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолат дейилиши мумкин”, дейилади қўмита хабарида. Юқоридагиларга кўра, “Реклама тўғрисида”ги қонуни 16-моддаси биринчи қисми ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси биринчи қисми талаблари бузилиши аломатлари юзасидан Anglesy Food МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Аввалроқ нархларни сунъий ошириш йўли билан катта миқдорда даромад олган “Навоийазот” АЖга нисбатан чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди. Минерал ўғитлар бозорида нархларни асоссиз оширган “МАХАМ-Чирчиқ”қа нисбатан иш қўзғатилган эди.