Бухорода куз-қиш мавсуми учун 157 млрд сўмдан ошиқ пул сарфланади
Мавсум учун кўмир захирасини яратиш учун 123 млрд 93 млн берилиши кўзда тутилган. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп квартирали уй-жой фондини 2024/2025 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Фармойишнинг 3-иловасига кўра, куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун жами 157 млрд 573,8 млн сўм ажратилиши белгиланган. Бунинг учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар 431,8 млн сўмни ташкил этса, маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари 13 млрд 140 млн сўм, ташкилот ва аҳоли маблағлари 144 млрд сўм миқдорида белгиланган. Иловага кўра, маблағлар қуйидагича тақсимланади: кўп квартирали турар жойлар фондини мукаммал ва жорий таъмирлашга 3 млрд 645 млн, иссиқлик таъминоти ва асбоб-ускуналарни барқарор ишлашга тайёрлашга 1 млрд 905 млн сўм берилади, ичимлик суви объектларига 1 млрд 289 млн сўм, электр тармоқлари ва қурилмаларга 8 млрд 663 млн сўм берилиши лозим бўлади. Шунингдек, газ таъминоти объектлари ва қурилмаларига 18 млрд 824 млн сўм, куз-қиш мавсуми учун кўмир захирасини яратиш учун 123 млрд 93 млн, олис қишлоқларга суюлтирилган газ захирасини етказиш учун 50 млн сўм ажратилади.