Бухорода саксовулларни синдирган шахслар cал кам 540 млн сўмлик жаримага тортилди
Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари томонидан саксовул ўсимликлари кесилишининг олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди. Қайд этилишича, ўтказилган рейдлар давомида 9 ойда жами 60 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Шунингдек, 2 нафар фуқарога такроран ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 79-моддаси 2-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга тақдим этилган ҳамда суд қарори бўйича жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқбузарликлар юзасидан фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, 164 миллион 900 минг сўм жарима ҳамда табиатга етказилган 373 миллион 727 минг сўм зарар ҳисобланди ва ҳуқуқ бузарлар жами 538 миллион 627 минг сўм тўлаши белгиланди.