Бухородаги соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг лавозимга лойиқлиги кўрилади
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов олиб борди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар сарҳисоб қилиниб, тиббиёт йўналишида давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши, оналик ва болалик, соҳани рақамлаштириш, мурожаатлар билан ишлаш ва кадрлар масаласи каби қатор йўналишлар бўйича йўл қўйилган хато ҳамда камчиликлар атрофлича таҳлил этилди. Йиғилишда сўз юритилган таҳлиллар асосида жойлардаги айрим раҳбарлар белгиланган топшириқларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётгани ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмаётгани жиддий танқид остига олинди. Шунингдек, вазирликнинг тегишли бошқарма бошлиқларига пастга тушган ҳолда ҳар бир ҳудуд, хусусан, Бухоро вилоятидаги тиббиёт муассасалари ишини чуқур ўрганиб, жойлардаги раҳбарларнинг лавозимга лойиқлик масаласини кўриб чиқиш, уларнинг масъулият ва фаолияти самарадорлигини ошириш, тиббиётни халққа янада яқинлаштириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.