Ўзбекконцерт” концерт-томошалар ўтказишда цензура ўрнатмоқдами?
Энди тадбир ташкилотчиси “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига ўтказиладиган концерт-томоша тадбирининг батафсил тафсилотларигача ёритиб берилган аниқ сценарийсини олдиндан тақдим этиши лозим. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2022 йилдаги 86-сон қарорига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда белгилаб қўйилган. Бунда тадбирнинг дастури ҳамда сценарийси бўйича ижодкорларининг саҳна ҳаракатларни кўриш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш имкониятини аниқлаш мақсади кўзда тутилган. Эксперт комиссияси ҳужжатларни кўриб чиқишда: —тадбир дастури ёки сценарийсининг ғоявий-бадиий савиясига; —намойиш этилиши режалаштирилган репертуарнинг миллий анъаналар ва умумбашарий қадриятларга мос келишига; —тадбир дастури ёки сценарийсида ватанга садоқат, она юртга муҳаббат каби туйғуларнинг акс эттирилганлигига эътибор қаратилиши лозим, дейилади қарорда. Маълумот учун, рухсатнома олиш учун Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи тадбир ташкилотчиси томонидан ҳужжатлар тадбир ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин тақдим этилиши керак.